чоршанба, 2019 Сентябр 18
33° TAS
9411.3 USD
146.51 RUB
10421.13 EUR
11764.13 GBP

Таълим кредити банкларга фойда бермайди

ИҚТИСОДИЁТ
Август 25 2019
45

Қабул натижалари эълон қилинди. Кўпчилик таълим кредити сари югуради, аммо бу банкларга ёқмайди.

Таълим кредити банкларга фойда бермайди

Давлат тест маркази қабул имтиҳони натижаларини эълон қилгач, тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган абитуриентлар олдида бошқа масала пайдо бўлди. Бунча пулни қаердан олиш керак?

Тўлов-контракти ҳам абитуриент учун катта бахт

Ўзбекистонда олий таълим муассасасида ўқиш бир йиллик тўлов-контракт суммаси ўртача 9 миллион сўмни ташкил этади. Албатта, 20 миллион сўмдан ортиқ тўлов талаб этадиган университетлар ҳам мавжуд. Масалан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети шундай.

Таълим олиш имконияти талабгорларнинг 20 фоиз истагини ҳам қондира олмай турган пайтда, тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниш ҳам бир бахт, аслида.

Ҳукумат таълим кредитлари бўйича қарор қабул қилган

Ҳукумат қарори билан тўлов-контракт асосида ўқишга тўлаш учун тижорат банклари томонидан таълим кредитлари ажратилади.

10 йилгача (магистратура босқичида таҳсил олиш учун 5 йилга) тақдим этиладиган кредитлар икки турда ажратилади:

— чин етимлар, "Меҳрибонлик уйлари"да тарбияланганлар ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари учун — фоизсиз;

талабаларнинг қолган тоифаларига — Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган миқдорда берилади (амалда у 16 фоиз).

Тижорат банклари таълим кредити беришдан фойда кўрмайди

Айни масала аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, ёшларга таълим олиш имкониятини кенгайтириш мақсадида қўллаб-қувватланади. Аммо таълим кредитлари тижорат банкларига фойда келтирмайди. Бу турдаги кредитни кенг тарғиб этиш банклар учун манфаатли бўлмайди.

Шу туфайли, банкларда кредит таъминоти ва ресурс ажратиш бўйича турли бюрократик тўсиқлар пайдо бўлаверади. Абитуриентлар таълим кредитини олишда кўп машаққатларга дуч келади.

Марказий банк қайта молиялаш ставкасини бир йиллик харажатлар, хусусан инфляцияни инобатга олиб 16 фоиз этиб белгилаган. Ундан юқори бўлмаган ставкада кредит бериш тижорат банклари учун қизиқ эмас.

Масалага муқобил ечим мавжуд

Telegramʼдаги "Банкирлар" каналининг қайд этишича, таълим кредитининг ижтимоий аҳамиятини инобатга олиб, мазкур кредитлар учун алоҳида фонд ташкил қилиниши муаммонинг оптимал ечими бўлиши мумкин.

"Фонднинг шаклланиш манбалари сифатида, давлат томонидан ажратиладиган маблағлар билан бир қаторда, давлат бошқарувида бўлган тижорат банкларининг соф фойдасидан ажратиб бориладиган маблағларни кўрсатиш мумкин", деб ёзади канал муаллифи.

Тижорат банклари фойда кўрмаслиги важи билан таълим кредитини батамом йўқ қилиш ҳам ярамайди. Мақсадсиз сарфланиш риски юқори бўлган аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш учун ажратиладиган кредитлар учун давлат томонидан маблағ ажратилиб, ёшларнинг келажагини белгиловчи соҳа — олий таълимга имтиёзли маблағлар ажратилмаслиги ҳам тўғри эмас.

Қолверса, "Банкирлар" ОТМ ҳам талабаларнинг тўлов контрактларидан келиб тушган маблағлар ҳисобидан шаклланган ортиқча маблағларни тижорат банкларига юқори ставкаларда жойлаштириб, даромад олиш масаласини ҳам таклиф қилмоқда. Гарчи ОТМ даромадлар ошиб, тошиб кетмаётган бўлса-да, эндиликда улар молия ва хўжалик кенгроқ мустақилликка эга бўлган.

Алишер Рўзиохунов

Боғлиқ Янгиликлар